Бу йил Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг Сурхондарё вилоятидаги Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим маркази иш бошлаганига етти йил тўлади.

Дунёда муқобили йўқ, дея таърифланадиган таълим даргоҳи Президентимиз ғояси билан 2017 йили Қозоғистоннинг Остона шаҳрида ўтказилган Ислом ҳамкорлик ташкилоти саммитида билдирган ташаббуси асосида ташкил этилди.  

Термиз туманидаги кўп қаватли марказ биноси замонавий усулда жиҳозланиб, афғонистонликларнинг олий ва профессионал таълим олиши, малакали мутахассис бўлиб етишиши учун барча шароит яратилган. 6,7 гектар майдондаги таълим муассасасининг 3,5 гектарида ўқув ва хизмат кўрсатиш бинолари барпо этилган. Жумладан, 750 ўринли ўқув биноси, 150 ўринли қишки ва 224 ўринли ёзги ошхона, 200 ўринли фаоллар, 6 та маърузалар зали, ахборот технологияси, физика ва кимё лабораториялари, 20 ўринли лингафон хонаси, 80 ўринга мўлжалланган ахборот- ресурс маркази, 50 ўринли икки қаватли ва 300 ўринга мўлжалланган уч қаватли талабалар турар жойлари ҳамда барча спорт турларига мўлжалланган очиқ ва ёпиқ спорт майдонлари мавжуд.

Ўтган йилларда Афғонистоннинг 18 та вилоятида яшовчи ўзбек, тожик, пуштун, ҳазора, туркман миллатлари вакилларининг 474 ўғил ва 196 нафар қизи етук мутахассис сифатида тайёрланди. Уларнинг 232 нафари бакалавриат ва 88 нафари профессионал таълим, 350 нафари қисқа муддатли ўқув курсларида ўқиди. 

Марказ фаолият бошлаган илк йилданоқ дунё ҳамжамияти эътиборига тушди. Хорижий давлатларнинг мамлакатимиздаги элчилари, нуфузли халқаро ташкилотлар вакиллари марказда яратилган шароитлар ва таълим бериш жараёнларига қизиқиш билдира бошлади. АҚШ, Германия, Франция, Ҳиндистон, Словакия, Жанубий Корея, Канада каби давлатларнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчилари, Бирлашган миллатлар ташкилоти, Европа иттифоқи, USAID, GIZ, KOIKA, JCA, UNICEF сингари халқаро ташкилотларнинг Ўзбекистондаги масъул раҳбар ва вакиллари келиб, фаолиятимиз билан яқиндан танишди. Афғон талабалари билан учрашувлар ўтказди. Натижада хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик алоқаларимиз йўлга қўйилди. Шунга мувофиқ Хитой Халқ Республикасининг 14, Германиянинг GIZ халқаро ташкилотидан  21 ҳамда АҚШнинг USAID халқаро ташкилотидан 42 нафар афғон фуқароси қисқа муддатли ўқув курс ва семинарларда ўқиб, тегишли сертификатларга эга бўлди.  

Словакия давлати 2019 йили моддий-техника базамизни ривожлантириш учун 10 минг евро қийматида беғараз ёрдам ажратиб, мини типография барпо этишга кўмаклашди. 2021 йил марказда ташкил этилган стоматология ўқув лабораторияси 9 минг 700 евро миқдоридаги замонавий жиҳозлар билан таъминлади. Ҳиндистон элчихонаси компьютер, тиббий асбоб-ускуна ва бошқа зарур жиҳозлар тақдим этди.  

2022-2023 йилларда “Яшил макон” умуммиллий дастури доирасида БМТнинг Тараққиёт дастури (UNDP) Марказ ҳамкорлигида Сурхондарё вилоятининг Термиз шаҳри, Термиз, Шеробод ва Жарқўрғон туманларида 8 минг 60 дона мевали ва манзарали дарахт, 85 гектар ерга 217 минг дона саксовул кўчати экилиб, 500 килограмм саксовул уруғи сепилди.

Халқаро миграция ташкилоти 2022 йил ноябрь-декабрь ойларида Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим маркази ўқув базасида “Термизда аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш” дастури доирасида 7 нафар Афғонистон, 9 нафар Ўзбекистон фуқароси учун тадбиркорлик йўналишида бир ҳафталик семинар-тренинг ташкил этиб, иштирокчиларга сертификат, қиймати 363 миллион 200 минг сўмлик ваучер ва планшетлар топширди. Ўтган йили марказнинг бакалавр таълим йўналишини битирган 11 нафар афғонистонлик қизнинг Ўзбекистондаги олий таълим муассасаларида магистрлик таълим йўналишида ўқишини давом эттириши учун тўлов- контракти маблағини тўлаб берди. Шу йил моддий, ўқув ва техник базасини ривожлантириш учун Халқаро миграция ташкилоти Словакия давлати ҳомийлигида ташкил этилган стоматология хонасини таъмирлаш ҳамда зарур тиббий асбоб-ускуналар билан таъминлаш учун 343 миллион сўмлик иш бажариб, фойдаланишга топширди. Фитнес клуб ташкил этиб, хотин-қиз ходим ва тингловчиларнинг соғлом турмуш тарзини ривожлантиришга ҳам  ҳисса қўшди. 193 миллион 695 минг сўмлик зарур спорт анжомлари билан таъминлади.  

БМТнинг Тараққиёт дастури ва Европа Иттифоқининг “Афғонистон фуқароларини ўқитиш ва касбий тайёрлаш бўйича Сурхондарё вилоятининг салоҳиятини ошириш” ҳамкорлик лойиҳаси асосида 200 нафар афғон фуқаросини ўқитиш дастури ишлаб чиқилиб, тўрт босқичда амалга оширилди. Хусусан, Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим марказида “Ер усти транспорт тизимлари ва уларнинг эксплуатацияси (локомотивлар, вагонлар)” ҳамда “ўзбек тили ва адабиёти” бакалавр таълим йўналишларида таълим олган 136 нафар афғон талабасининг 2021-2022 ўқув йили учун тўлов-контракт ва стипендияси тўлаб берилди. Иккинчи босқичда 2022-2023 ўқув йилида 100 нафар афғон фуқаросига бир йиллик техник ҳамда касбий таълим тикувчилик, агробизнес ва маркетинг агенти, компьютер тизимлари ва мажмуалари, туризм йўналишлари бўйича ўқув курсларида таълим берилиб, касб сирлари ўргатилди. Учинчи босқичда 100 нафар афғон фуқароси тикувчи, аёллар сартароши, компьютер тизимлари ва мажмуалари ҳамда ҳайдовчилик бўйича уч ойлик қисқа ўқув курсларига қабул қилиниб, сертификат берилди. Сўнгги босқичда Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим марказининг моддий-техник базаси салоҳиятини ошириш ва мустаҳкамлаш учун автобус билан таъминланиб, конференция хонаси, “Coworking” маркази мебель ва турли мультимедиа анжомлари билан жиҳозланди.  

Мазкур лойиҳа давом эттирилиб, 2023-2025 ўқув йилларига мўлжалланган олти ойлик қисқа муддатли курслар учун 1 миллион евро миқдорида маблағ ажратилди. Бу маблағ эвазига 2023-2024 ўқув йилида 150 нафар Афғонистон фуқароси компютер графикаси ва дизайн оператори, ахборот воситалари машиналари ва компютер тармоқлари, тикувчилик ва пайвандлаш йўналишларига қабул қилиниб, ўқитилди.Ўзлари танлаган касб бўйича сертификат берилди. Ҳозир 2024-2025 ўқув йили учун 6 ойлик курсларга 150 нафар афғон фуқароси қабул қилинмоқда.  

Халқаро ташкилотлар кўмагида амалга оширилаётган бундай ишларга яна кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Шу ўринда яна бир нарсани таъкидлаш керакки, марказда ташкил этилган қисқа муддатли курсларда касб ўрганган Сурхондарё вилояти ҳудудида вақтинча яшовчи Афғонистон фуқаролари ўқув даргоҳига келаётган халқаро ташкилотлар ва донор давлатлар вакилларига марказ базасида турли йўналишлар бўйича бакалавр таълим йўналишини ташкил этиш юзасидан таклифларини билдирмоқда. Марказ негизида Ўзбек — Афғон халқаро университетини ташкил этиб, олий ҳамширалик иши, стоматология, ўзбек тили ва адабиёт, инглиз тили, ер усти транспорт воситалари ва тизимлари, компютер графикаси ва дизайн оператори, тармоқлар ва соҳалар бўйича иқтисодиёт, озиқ-овқат хавфсизлиги йўналишларида мутахассислар тайёрлаш ғояси илгари сурилмоқда.  

Бунинг учун эса олий таълим муассасамизда барча шароит мавжуд. Шу пайтгача марказда таълим олган битирувчилар Ўзбекистон ва Афғонистонда ўз соҳаси бўйича меҳнат қилмоқда. ТДТУ, ТДПУ, халқаро НОРДИК университетларида магистратура таълим йўналишларида ўқишни давом эттирмоқда. 

Ойбек Рўзиев,

Афғонистон фуқароларини

ўқитиш таълим маркази директори.

ЎзА