Ўзбекистоннинг инсонпарварлик ёрдами афғон халқига етказилди

Аввалроқ 8 та юк машинасидан иборат гуманитар карвон Термиздаги “Айритом” чегара ўтказиш пункти орқали Афғонистоннинг Балх вилоятига жўнаб кетгани ҳақида хабар (https://t.me/AOKA_Surxondaryo/10672) берган эдик.

169,4 тонна ун, буғдой, ўсимлик ёғи, консерваланган гўшт, шакар, макарон маҳсулотлари ҳамда тез тайёрланадиган қадоқланган лағмон пакетларидан иборат ушбу инсонпарварлик ёрдами Балх вилоятининг чегарадош Ҳайратон шаҳрига етказиб берилди.

Шу муносабат билан Ҳайратонда Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов, Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Эркин Ҳамраев, Балх вилояти губернатори Муҳаммад Юсуф Вафо ва бошқа расмийлар иштирокида инсонпарварлик ёрдамини топшириш маросими бўлиб ўтди.

Балх вилояти губернатори Муҳаммад Юсуф Вафо афғон халқи номидан бугунги синовли даврда мамлакатга кўрсатаётган юксак эътибори, қўллаб-қувватлови ва бирдамлиги учун Президентимиз ва халқимизга чуқур миннатдорчилик билдирди.