Президентимиз ташаббуси билан Сурхондарё вилоятининг Термиз туманида ташкил этилган Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим маркази дунё ҳамжамиятида катта қизиқиш уйғотиб келади. Афғонистон билан чегарадош воҳага келган мартабали меҳмонлар ҳам, хорижий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари ҳам марказ билан яқиндан танишишга қизиқиш билдиради. Дунёда муқобили йўқ замонавий марказда қўшни афғон фуқароларининг таълим олиши, касб ўрганиши, бўш вақтларини мазмунли ўтказиши учун яратилган шароитларни кўздан кечиради.
Хитойнинг Шенси педагогика университети бир гуруҳ профессор -ўқитувчилари ва илмий тадқиқотчилари ҳам вилоятга сафари чоғида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги мазкур марказда бўлиб, унинг фаолияти билан танишди. Замонавий аудиториялар, кутубхона, фан хоналари, тўгаракларда яратилган қулайликлар билан қизиқди. Қисқа муддатли курсларда турли касбларни ўрганаётган афғонистонликлар билан суҳбатлашди.

Мулоқот чоғида марказ директори Ойбек Рўзиев таълим муассасасида Хитой таълим хонасини ташкил этиб, Хитой тилини ўргатишни йўлга қўйиш таклифини илгари сурди. Меҳмонлар бу ерда қўшни давлат фуқароларининг таълим олиши, бўш вақтини мазмунли ўтказиши учун яратилган шароитларга юқори баҳо берди.

Шенси педагогика университети Хитойнинг шимоли-ғарбий қисмидаги “таълим бешиги” сифатида юқори нуфузга эга таълим муассасаси ҳисобланади.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири
Ibrat Academy