Перейти к основному содержанию

Новости центра

Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим марказида давлат арбоби, файласуф ва шоир Алишер Навоий таваллудининг 583 йиллигига бағишланган адабий– бадиий кеча бўлиб ўтди

2 мин чтения 182
7d3452b595c002dac3f86

Ушбу кечада Сурхондарё вилояти ёзувчилар уюшмаси раиси М.Олломурод, марказ профессор-ўқитувчилари, афғонистонлик талаба ва тингловчилар, сурхондарёлик ижодкорлар иштирок этди.

Тадбирда маърузачилар Алишер Навоийнинг ҳаёти, ижоди, серқирра фаолияти ҳақида атрофлича сўз юритди. Даҳо шоир яратган ўлмас асарлар дунё халқларининг ноёб маънавий бойлигига айлангани алоҳида таъкидланди.

– Мир Алишер Навоий бобомиз ёшлик даврида бизнинг юртимизга келиб, илм ўрганган, – дейди шоир Менгнор Олломурод. – Менинг назаримда ўша даврлар яна қайтиб, эндиликда афғон ёшлари яъни, сизлар Ўзбекистонда Навоийни чуқур ўрганяпсиз. Ўзингиз танлаган касбларнинг сир-асрорларини мукаммал эгаллаяпсиз. Биз дунёга ана шундай саховатпеша инсонларни, буюк алломаларни етказиб берган улуғ халқ аждодлари эканимиздан ҳамиша фахр-ифтихор ҳиссини туйиб яшаймиз. Ёш авлодни ҳам шунга муносиб бўлишга, Навоий меросидан баҳра олиб яшашга ундаймиз. Зеро, беш асрдан кўпроқ вақт ўтган бўлса-да, Алишер Навоий асарларининг тарбиявий аҳамияти, долзарблиги ва қадр-қиммати жаҳон миқёсида ошиб бормоқда.

Адабий-бадиий кечада шоирлар, таълим марказининг ўзбек тили ва адабиёти фани ўқитувчилари Навоий ҳаёти ва бебаҳо ижодининг бугунги ёшлар учун аҳамияти ҳақида маълумот берди. “Лисон ут-тайр“, “Хазойинул-маоний“, “Бадоэъ ул-бидоя“, “Хамса“, “Девони Фоний“ сингари асарларининг, нодир ғазал ва рубоийларининг мазмун-моҳияти хусусида фикр алмашди. Ижодидан намуналар ўқиди.

Кечада афғонистонлик талаба-ёшлар шоир ижодидан намуналарни ифодали ўқиб, улуғ аждодимиз ғазаллари билан айтиладиган қўшиқларни куйлади. Турли саҳна кўринишларини намойиш этди.

Афғонистонлик талаба-ёшлар чизган Навоий портретлари, улар яратган Навоий бюсти ҳам кеча иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди. Шоир асарлари кўргазмаси ташкил этилди. Адабий-бадиий кечада фаол иштирок этган меҳмонлар, талаба ва ўқувчилар фахрий ёрлиқ, эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Поделиться: