اصلي منځپانګې ته ولاړ شئ

د مرکز خبرونه

Наврўз хақида

5 دقیقې لوستل 186
t

Наврўз хақида

Анъаналар, урф-одатлар, расм-русумлар инсоният тараққиётида муҳим ўрин тутади. Улар ҳаётий зарурат туфайли пайдо бўлган ва халқларнинг турмуш тарзи, руҳияти, маънавий дунёси, орзу-истакларини ифода этиб, жамиятнинг маънавий- ахлоқий ривожланишига катта таъсир қилган. Анъаналар мазмунан ҳар бир миллатни, халқни, элатни эзгуликка, инсонпарварликка, яхшиликка чорлайди. Улар давр талаби билан ҳам шаклан, ҳам мазмунан янгиланиб боради. Баъзи бир анъананалар ўзининг ижобий таъсирига, умрбоқийлигига кўра маънавий қадрият даражасига кўтарилади.

Шарқ халқларининг ана шундай умрбоқий маънавий қадриятларидан бири –Наврўз. Бу байрам бир неча минг йиллик тарихга эга.

Наврўз – жуда қадимий байрам. Унинг қадимий ва навқирон айём эканлигини буюк мутафаккир алломаларимиз ўз асарларида асослаб берган. Дарҳақиқат, Абу Райҳон Беруний “Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар”, Умар Ҳайёмнинг “Наврўзнома”, Абулқосим Фирдавсийнинг “Шоҳнома”, Хожа Али Термизийнинг “Наврўзнома”, Алишер Навоийнинг “Тарихи мулуки Ажам” асарлари Наврўз ва унинг пайдо бўлиш тарихи, у билан боғлиқ урф – одатлар, расм – русмлар ҳақида муҳим маълумотларни берувчи қимматли манбалар ҳисобланади.

Наврўз ҳамма даврларда табиат ва жамиятнинг уйғониш, яшнаш ва яшариш байрами, Янги йил, мучал ва деҳқон меҳнати бошланадиган кун сифатида шоду хуррамлик билан нишонлаб келинган. Халқнинг аҳлоқий–маънавий қадриятлари мужассам бўлган, эзгу ниятлар билан тантана қилинадиган инсонпарварлик, бахт ва баҳор байрами Наврўз қанча – қанча замон бўронларидан омон ўтди. Ватанимиз мустақиллигидан сўнг Наврўз умухалқ байрами сифатида кенг нишонлана бошлади.

Наврўз – меҳр-мурувват, инсонпарварлик, инсонларни руҳан бирлаштирувчи байрамдир. Барча замонларда Наврўз орқали халқнинг маънавий дунёси намойиш этилган, турмуш тарзи, орзу-умидлари, гўзалликка, нафосатга бўлган муносабатлари ифодаланган. Ушбу хосиятли байрамни нишонлашнинг ўзига хос томонлари мавжуд ва улар давр ўтиши билан мазмунан бойиб, такомиллашиб келмоқда.

Наврўз байрами муносабати билан мамлакатлараро уруш-жанжаллар тўхтатилган, ота-она, қариндош-уруғлар, кексалар, касалмандлар совға-салом билан йўқланган, янги кийимлар кийилган, турли-туман Наврўз таомлари тайёрланган, уй, ҳовли, кўчалар супурилиб-сидирилган, катта-катта майдонларда сайиллар, ўйин-кулгу, аскиябозлик, қўчқор, хўроз уриштириш, кураш, кўпкари ўтказилган, театр намойишлари ташкил этилган. Одамлар бир-бирлариникига маҳмондорчиликка боришган, шох мойлаш маросимлари нишонланган.

Хуллас, Наврўз байрами миллий умумхалқ байрами сифатида жуда катта тайёргарлик ва шоду хуррамлик билан ўтказиб келинган. Унинг мазмунида ким Наврўзни шоду хуррамлик билан кутиб олса ва ўтказса, келгуси йили Наврўз келгунча унинг ҳаёти хурсандчиликларга бой бўлади, деган ғоя ётади.

Наврўз – меҳнат байрами. Бу кун деҳқон ер чопиб, экин экиб, деҳқончилик фаолиятини бошлайди.

Наврўз – меҳр-оқибат, инсонпарварлик байрами. Бу кун марҳумларнинг қабрлари зиёрат қилинади, кекса, ногирон, ёлғиз қариялар, ота-оналар йўқланади, байрам дастурхони ёзилиб, меҳмон кутилиб, кишилар бир-бирларига совға-салом улашиб, ширинликлар ҳадя этишади.

Наврўз – муҳаббат, севги, садоқат байрами. Бу байрам муносабати билан никоҳ тўйлар ўтказилган, йигит-қизлар бир-бирлари билан аҳду паймон қилишган, гуллар ҳадя этишган. Янги тушган келин қўлидан чой ичиш мақсадида “келин кўрди”га борилган.

Наврўз – дўстлик, биродарлик байрами. У нафақат Шарқ ҳалқлари байрами, балки миллати, дини, эътиқодидан қатъи назар, ундан барча манфаатдор бўлади.

Ўзбек – қадим-қадимдан тинчликсевар халқ. У барча даврларда халқлар, миллатларнинг ўзаро тинч-тотув, осойишта, дўст-биродар бўлиб яшашларининг тарафдори бўлиб келган. Шунинг учун ҳам бу байрам бизда умуминсоний қадрият ҳисобланади.

Наврўз ёшларни комил инсон қилиб тарбиялаш воситаси бўлиб, у ўзига хос тарбия мактаби. Наврўз – хотин-қизларга алоҳида кўрк берувчи байрам. Улар байрам муносабати билан қўлларига хина, қошларига ўсма қўяди. Арғимчоқда учишиб, гурунг қилади.

Наврўз – тансиҳатлик байрами. Чунки байрам дастурхони, таомлар инсон учун шифо манбаидир.

Наврўз муносабати билан инсонлар бир-бирларига бахт-саодат, соғлиқ-саломатлик, оиласига файзу барака, эл-юртига тинчлик, осойишталик тилайди, кейинги Наврўз байрамигача барчанинг соғ-омон етиб боришини йилнинг тўй-томошаларига бой бўлишини ният қилади ва шунга интилиб яшайди.

Афгонистон фукароларини ўқитиш

талим маркази ўқув ищлари бўйича

директор ўринбосари Б.Оралов

شریکول: