Asosiy mazmunga o'tish

Markaz yangiliklari

Ўзбекистондаги афғон фуқаролари касб–ҳунар эгалламоқда

4 daqiqa o'qish 201
photo_2023-11-13_15-43-28

Термиздаги Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим маркази ташкил топганининг олти йиллиги кунида Европа Иттифоқи ва БМТ Тараққиёт дастурининг “Афғонистон фуқароларини ўқитиш ва касбий тайёрлаш бўйича Сурхондарё вилоятининг салоҳиятини ошириш” лойиҳаси доирасида Ўзбекистонда вақтинча яшаётган қўшни давлат фуқаролари учун навбатдаги ўқув машғулотлари бошланди.

Шу муносабат билан бўлиб ўтган тадбирда Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим маркази директори Ойбек Рўзиев, Афғонистоннинг Термиздаги Бош консули биринчи котиби Бисмилло Мангол, БМТ Тараққиёт дастури вакили Зулфиқор Жумаев ва бошқалар лойиҳанинг аҳамияти ва афғон фуқароларини касб–ҳунарга йўналтиришдаги ўрни ҳақида атрофлича фикр юритди.

Европа Иттифоқи 1 миллион евро ажратган дастлабки лойиҳани Бирлашган Миллатлар ташкилотининг Тараққиёт дастури амалга оширди. Унда 185 нафар афғон фуқароси иштирок этиб, бир йиллик ва уч ойлик қисқа муддатли ўқув курсларида ўзлари танлаган касб сирларини мукаммал эгаллади.

Лойиҳа 2022 йил жанубдаги воҳада Афғонистон фуқаролари учун янги таълим имкониятларини яратиб, ёшлар ва аёлларни ўзлари қизиққан касбларга йўналтириш мақсадида иш бошлаган эди. Унинг навбатдаги босқичлари учун ҳам Европа Иттифоқи 1 миллион евро миқдорида маблағ ажратди.

–Бу сафарги ўқиш чоғида касб ўрганиш истагини билдирган 150 нафар афғон фуқароси ахборот–коммуникация технологиялари, тикувчилик, чилангарлик каби маҳаллий, қўшни Афғонистон ва хорижда ҳам талаб юқори бўлган касблар бўйича етарли малакага эга бўлади,–дейди таълим маркази директори ўринбосари Баҳром Аралов.–Уларга олти ой давомида етук мутахассислар таълим бериб, касб сирларини ўргатади. Бунинг учун марказда барча замонавий шароит мавжуд. Шунингдек, ётоқхонага эҳтиёжи бор тингловчиларимизга талабалар турар жойидан хона ажратилади. Стипендия, иссиқ овқат берилади. Жаҳон андозаларига мос ўқув хоналари, кутубхона, ошхона афғонистонлик бўлажак касб–ҳунар эгалари ихтиёрида бўлади.

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Таълим маркази фаолият бошлаганидан буён ўтган олти йилда 232 нафар афғон ёшлари ўзбек тили ва адабиёти, тиббиёт, темир йўл тармоғи каби йўналишлар бўйича бакалавриат мутахассислигини эгаллади. Уларнинг 30 нафари мамлакатимиздаги турли олий таълим муассасаларига магистратура йўналиши бўйича давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинди. 88 нафари профессионал таълим ва 215 нафари ўқув курсларида ўқитилиб, касбга йўналтирилди.

Ўтган ўқув курсларидан бу сафаргисининг фарқи шундаки, лойиҳанинг иккинчи босқичи 2023–2025 йилларга мўлжалланган бўлиб, у олти ойлик қисқа муддатли курслардан иборат бўлади. Тингловчилар орасидан энг намунали ўқиган 50 нафари танлаб олиниб, уч ойлик стартап лойиҳа бўйича қўшимча ўқитилади ва ўз бизнесини бошлашига амалий кўмак берилади.

–Афғонистоннинг Мозори Шариф шаҳриданман,–дейди ахборот-коммуникация технологиялари йўналиши бўйича ўқиш истагида келган Ҳамид Паҳлавонзода. – 21 ёшдаман. Икки ярим йилдан буён Термизда яшаймиз. Компьютер технологияларига қизиқишим жуда баланд. Шу боис ўқув курсида соҳа сирларини чуқур ўрганиб, ўз бизнесимни йўлга қўймоқчиман. Гапнинг рости, бугун келиб кўрдимки, таълим муассасасида бунинг учун барча замонавий шароит яратилган экан. Бу имкониятдан фойдаланиб, қунт билан ўқийман. Чунки, бу касбни яхши эгалласам Ўзбекистон ва Афғонистонда ҳам, хорижда ҳам даромадли иш бор.

Лойиҳанинг бу сафарги босқичида амалга ошириладиган ишлар афғон фуқароларига фақат қўшимча таълим ва касб-ҳунар таълими олиш имкониятини бермай, балки шу орқали уларнинг турмуш даражасини оширишга хизмат қилади. Маҳаллий иқтисодиётни ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшади. Икки қўшни давлат ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутади.

Машғулотлар бошланишига бағишланган тадбир якунида ўқув курси тингловчилари тажрибали ўқитувчилар ва таълим марказида яратилган шароитлар билан яқиндан танишди.

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири

Ulashish: