اصلي منځپانګې ته ولاړ شئ

د مرکز خبرونه

Зафари Муҳаммадамин: “Ўзбекистонда осуда, тўкин яшаб, хотиржам меҳнат қиляпмиз”

4 دقیقې لوستل 181
photo_2023-05-16_15-10-18-2

Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим марказида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт Дастури (UNDP) лойиҳаси ҳамкорлигида ташкил этилган “Тикувчилик”, “Туризм” ҳамда “Ахборот коммуникация технологиялари” курсларида таълим олган 95 нафар афғонистонлик тингловчига махсус диплом ва сертификат топширилди.

Шу муносабат билан бўлиб ўтган тантанали тадбирда марказ директори О.Рўзиев, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт Дастури “UNDP” лойиҳа раҳбари М.Қаршиев, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи Ш.Кичкилов, маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари Н.Раҳматуллаева ҳамда бошқалар Афғонистон билан узоқ ўтмишга бориб тақаладиган яқин қўшничилик алоқаларимиз ҳақида сўз юритди.

Президентимиз ташаббуси билан Термиз туманида барпо этилган дунёда муқобили йўқ Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим маркази ҳам қадимда шаклланган дўстлик, ўзаро ҳамкорлик ришталаримизни янада мустаҳкамлашга хизмат қилаётгани таъкидланди. Ўтган йили Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт дастури ва Европа Иттифоқи билан “Афғонистон фуқароларини ўқитиш ва касбий тайёрлаш бўйича Сурхондарё вилоятининг салоҳиятини ошириш” ҳамкорлик лойиҳаси тузилиб, шу асосда 200 нафар афғон фуқароларини ўқитишга келишилган эди. Қиймати 1 миллион еврога тенг лойиҳани Европа Иттифоқи молиялаштирди. Тўрт босқичда амалга оширилган лойиҳа доирасида Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим марказида “Ер усти транспорт тизимлари ва уларнинг эксплуатацияси (локомотивлар, вагонлар)” ҳамда “Ўзбек тили ва адабиёти” бакалавриат таълим йўналишларида ўқиётган 136 нафар афғон талабаларининг 2021-2022 ўқув йили учун тўлов-контракт ва стипендия пуллари тўлаб берилди. 100 нафар афғон фуқаросига қисқа муддатли касбий курсларда таълим берилиб, уларнинг ўз бизнесини юритиши ёки хусусий секторда иш билан банд бўлиши учун қулай имконият яратилди.

Таълим марказининг моддий-техник базаси мустаҳкамланди. 100 нафар афғон фуқароси бир йиллик техник ҳамда касбий таълим курсларида ўқитилиб, тикувчилик, агробизнес ва маркетинг агенти, компьютер тизимлари ҳамда мажмуалари мутахассиси, туризм каби соҳалар сирини чуқур эгаллади.

–Тингловчиларга Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги тасдиқлаган ўқув режа асосида дарс машғулотлари ўтказилди, – дейди марказ раҳбари О.Рўзиев. – Машғулотларга Қумқўрғон агротехнологиялари, Самарқанд туризм ва сервис техникумлари ҳамда Термиз шаҳар касб-ҳунар мактабининг энг етук ўқитувчи ва мутахассислари жалб этилди. Дарсдан бўш вақтларида турли маънавий-маърифий ва спорт тадбирларида фаол иштирок этди. Вилоятнинг тарихий обидалари ва диққатга сазовор жойларига, музейларга саёҳатлар уюштирилди. Амалий машғулотларни вилоятдаги энг замонавий ишлаб чиқариш корхоналари, туристик объектлар, IT парклар, иссиқхоналар, экин майдонлари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлайдиган корхоналарда ўтади.

Таълим марказидан олинган маълумотларга кўра, амалиёт машғулотларини муваффақиятли ўтаган тингловчиларнинг ўнга яқини вилоятдаги “Зиф текс” тикувчилик корхонаси, IT парк, йирик қурилиш ташкилотлари ва бошқа субъектларга ишга жойлашди. Қолганлари тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланмоқда.

– Бу ерда замонавий касб сирларини ўрганганимиз тинч, тотув Ўзбекистонда даромадли иш билан таъминланишимизда муҳим омил бўлди, – дейди Зафари Муҳаммадамин. – Энг малакали мутахассислардан сабоқ олдик. Мана, мен ўзим Шўрчи туманида масъулияти чекланган жамияти ташкил этиб, Оқкамар маҳалласида 70 сотих иссиқхона ва уч гектар очиқ майдонда деҳқончилик билан шуғулланяпман. Олти кишини иш билан таъминладим. Иссиқхонада эртачи, тезпишар бодринг етиштирдик. Очиқ майдонда ҳам помидор, бодринг, маккажўхори ва полиз маҳсулотлари парваришлашни йўлга қўйдик. Шу кунларда пишиб етилаётган маҳсулотларимизни маҳаллий бозорда сотяпмиз. Энг муҳими Ўзбекистонда осуда, тўкин яшаб, хотиржам меҳнат қиляпмиз

Тадбир якунида барча замонавий шароитларга эга таълим муассасасида касб ўрганган афғон фуқаролари кўрсатилаётган эътибор учун давлатимизга миннатдорлик билдирди. Энг фаол тингловчиларга Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими китоблар туҳфа қилди.

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА мухбири (батафсил)

شریکول: