Skip to main content

Center news

Сурхондарё вилоятида ҳам муддатидан олдин овоз берилмоқда

3 min read 186
photo_2023-04-20_17-45-16

Сурхондарё вилоятида референдум куни ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган фуқаролар муддатидан олдин овоз бериб, референдумга ўз хоҳиш-иродасини эркин ифода этмоқда.

“Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида” ги қонунида референдум куни ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган овоз берувчилар муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқига эгалиги ва бу жараён референдумга ўн кун қолганида бошланиб, уч кун қолганида тугатилиши белгилаб қўйилган. Шунга мувофиқ Марказий сайлов комиссия Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни бўйича референдумда муддатидан олдин овоз бериш муддатини 2023 йил 19 апрель – 26 апрель кунларига белгилаган.

9–Сурхондарё округ комиссияси ҳудудидаги референдум участкларида ҳам муддатидан олдин овоз бериш миллий қонунчилигимиз талаблари асосида очиқ, ошкора амалга оширилмоқда.

–Вилоят ҳудудидаги сайлов участкаларида муддатидан олдин овоз бериш учун барча шароит яратилган, –дейди 9–Сурхондарё округ комиссияси раиси А.Хўжақулов.– Жараённи округ комиссияси мувофиқлаштириб бормоқда. Участкалар овоз берувчилар умумий сонининг беш фоизи миқдоридаги овоз бериш бюллетенлари ва зарур канцелярия буюмлари билан таъминланган. Муддатидан олдин овоз берувчи ўз хоҳишини билдириши учун референдум куни ҳудудда бўла олмаслигининг сабабларини кўрсатиб, ариза асосида тегишли участка комиссиясига мурожаат этиши ва овоз бериш бюллетенини олиб, рефрендумга бемалол муносабат билдириши мумкин. Бунинг учун участкалар овоз беришга тахт қилиб қўйилган.

Термиз туманилик Болта Шерматов ва турмуш ўртоғи Дилбар Эгамбердиева келгуси ҳафта Тошкент шаҳрига бориб тиббий кўрикдан ўтиш ва даволанишни режалаштирган. Бугун улар ўзлари яшайдиган Шароф Рашидов номли маҳалладаги 228-референдум участкасига бориб, муддатидан олдин овоз берди.

– Конституция тинч, фаровон ҳаётимиз кафолати, – дейди Дилбар Эгамбердиева. – Янгиланаётган Конституциямиз билан танишиб, янгилик ва ўзгаришлар мазмунини тушуниб олдим. Унда ҳуқуқ ва манфаатларимиз янада мустаҳкамланган. Мамлакатимиз келажаги билан боғлиқ катта ўзгаришлар киритилган. Биз қарилик нафақасидамиз. 30 апрель куни пойтахтда даволанишда бўламиз. Лекин, референдумга берфарқ бўлмай, овоз бериладиган куни маҳаллада бўлмаслигимизни билдириб, участка комиссиясига мурожаат этдик. Тегишли тартибда муддатидан олдин ўз овозимизни бердик. Энди кўнглимиз хотиржам сафарга отланамиз.

Мазкур референдум участкасида 2 минг 66 нафар овоз берувчи руйхатга олинган. Уларнинг 20 яқини муддатидан олдин овоз берди.

Округ комиссияси матбуот марказидан олинган маълумотларга кўра, муддатидан олдин овоз бериш бошланган дастлабки кунда вилоятда 2 минг 399 овоз берувчи ўз хохиш-иродасини эркин ифода этди. Бугун ҳам конституциявий ҳуқуқидан фойдаланаётган муддатидан олдин овоз берувчилар тегишли участкаларига келиб, асосий қонунимиздаги ўзгартиш ва қўшимчаларга муддатидан олдин ўз муносабатини билдирмоқда.

(https://uza.uz/uz/posts/surxondaryo-viloyatida-ham-muddatidan-oldin-ovoz-berilmoqda_475141)

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА

Share: